АСАЛ ОЙИ
Асал ойи Ҳали ёзувчи эмас эдим. Тўйларда қўшиқ айтиб юрардим. Қўшиқчиларга маза, бировникига тўйга борасан, энг тўрга ўтқизишади, овқатларнинг сарасини сенга беришади. Ҳамманинг эътибори сенда бўлади. Қўшиқ айтганингга пул беришади, эъзозлашади, кўп илиқ сўзлар билан кузатиб қўйишади. Каминг йўқ, ғаминг йўқ... “Бетонка”дан ўтаётганимда эса, ғамларим бош кўтарарди... “Бетонка”дан ўтаётганимда юрагим оғрирди... “Бетонка”дан ўтаётганимда ўзимни айбдор ҳис қилардим... “Бетонка”дан ўтаётганимда чорасизлигимдан кичрайиб кетардим... “Бетонка”дан ўтаётганимда эгилиб, яшириниб олардим... – Танишларингиз бормикан? – дейишарди шерикларим. – Ҳа, – дердим. “Бетонка”дагиларнинг ҳаммаси менинг танишларим эди... “Бетонка”дагиларнинг ҳаммаси ўзбек, ўзбеклар эди... Мен ҳам ўзбек эдим. Тўйларда маза қилиб қўшиқ айтиб, таомларнинг сарасини еб юрган ўзбек эдим. Мана шу ўзбеклигимдан уялардим. “Бетонка”даги ўзбеклар мени кўрмасин, деб, таниб қолмасин, деб бекиниб ўтардим, “Бетонка”дан ... “Бетонка” – мардикор бозор эди... “Бетонка” деганлари Тошкент-Термиз йўлининг Самарқанддан ўтадиган қисмида эди. Шу йўл ёқасида мардикор бозори бор эди. Ана шу бозор менинг дардим, менинг ғамим, менинг қалбимдаги оғриқ эди... Юрт мустақил бўлган эди. Юртбоши Ўзбекистонни Янги Ўзбекистон деб эълон қилган эди. Юртбоши “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деб эълон қилган эди. “Келажаги буюк” халқнинг егани нони йўқ эди! Ургут халқи уруш йилларида ҳам мардикор бозорга чиқмаган эди! Ургут халқи очарчилик йилларида ҳам мардикор бозорга чиқмаган эди! Ургут халқи қаҳатчилик йилларида ҳам мардикор бозорга чиқмаган эди! Ургутнинг эркаги мардикорчиликдан ор қилар эди! Номус қилар эди! Ургутнинг эркаги уйида мардикор ишлатар эди! Мустақиллик буюк неъмат бўлди! Ургутнинг эркаги тугул аёли ҳам мардикор бозорга чиқди! Нима қилсин, уйида нони йўқ! Нон олай деса, пули йўқ! Пул топса, ун йўқ! Сотиб ейин деса, уйида мол қолмади! Сотиб ейин деса, уйида гилами қолмади! Томини бузиб, ёғоч-тахтасини ҳам сотиб еб бўлган бўлса, нима қилсин? Бошқа иложи қолмаган бўлса, нима қилсин? Мардикор бозорга чиқади-да! Халқ ёппасига мардикор бўлди! Халқ ёппасига мардикор бозорга чиқди! Мен эса, ҳеч нарса қилолмас эдим! Халқимги ёрдам бера олмас эдим! Мен эса, халқимнинг дардига малҳам бўладиган бир сўз айта олмас эдим! Нимадир дейишим шарт эди! Зулфия Мўмин бир шеър ёзди. Шеъри минг жойимдан чақди! Шеъри юрагимни ўйди: Аёл осон сотилгувчи сир бўлади, Номард тўла юрт кўпайса, ер кўпайса. Охир ўзи бели боғлиқ эр бўлади, Юртда белмас, тили боғлиқ эр кўпайса. Мен тили боғлиқ эр эдим. Зулфия Мўмин менга аччиқ қилиб бу шеърни ёзган эди. Энди бир нима демасам, бўлмас эди... *** Акамникига борсам, “Бетонка”дан тўрт-беш хотинни олиб келибди. Картошка чопиқ қилишаётган экан. Уларга қараб, бир қизни таниб қолдим. Яқинда, синглим жарроҳлик амалиётини ўтказганида бир ҳамшира қиз унинг чўнтагига мен солган озгина ҳақ эвазига эрталабгача синглимга қараб чиққан эди. Бу қиз ўша ҳамшира қиз эди. – Сиз ҳамшира эмасмидингиз? – сўрадим ажабланиб. – Мен тиббиёт коллежи талабаси эдим, сиз кўрганингизда мен амалиётда эдим. Битирдим. Ҳеч ердан иш тополмадим. Оиламиз катта, яшаш оғир. Ноилож “Бетонка”га чиқдим. – Майли, “Бетонка”га чиқибсиз, бу айб эмас, аммо анави аёл билан бекорга чиқибсиз, у аёлни қишлоғимизда танимайдиган эркак йўқ, – дедим нарироқда ишлаётган, бузуқлигини ҳамма биладиган аёлга ишора қилиб. – “Дўстинг кимлигини айт, кимлигингни айтаман”, дейишади. Қиз хомуш бўлиб, ерга тикилди. Бошини кўтариб, деди: – Унда мана бу дўстимнинг кимлигини сўранг! Бу дугонамнинг тўй бўлганига ҳали бир ой бўлди. У бизлар билан бирга “Асал ойи” саёҳатига чиқди! Мени ток урди! Ток менинг товонимдан уриб, миямдан чиқиб кетди! Балки миямдан урган ток товонимдан чиқиб кетгандир? Нима бўлганда ҳам шалвираб, ерга ўтириб қолдим. Турдим. Уйга кетдим. Акам “Ҳой-ҳой”лаб қолаверди. Уйга бориб, бир дафтарни очдим. Энди бир нима ёзмасам, тура олмас эдим. Сарлавҳа қўйдим: “Асал ойи”. Ёзавердим. Ёзавердим. Ёзавердим. Мен Гулчеҳрани ўлдирмоқчи эмас эдим! Унинг ўзи шундай қилди! У ўзини Дарғомга ташлаб юборди! Мен уни тутиб қололмадим! Қўлимдан ҳеч нима келмади! Кейин ўзим йиғладим! Аввалига ичимда йиғладим. Кейин пиқиллаб йиғладим. Кейин ҳшнграб... Нариги хонадаги хотинимга эшитилибди. Ҳовлиқиб кириб келди. – Нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? – Ўлди! – Ким ўлибди, онангизми? – Йўқ. – Менинг онамми? – Йўқ Иккаламизнинг ҳам онамиз бетоб эди, аёлимнинг хавотири улардан эди... – Гулчеҳра ўлиб қолди! – Қайси Гулчеҳра? – Ёзаётган ҳикоямдаги Гулчеҳра. Хотиним шалвираб, ўтириб қолди. – Э, ўлинг-е, мен онам ёки сизнинг онангиз ўлиб қолибдими, деб юрагим оғзимга келди, – деди хотиним. – Бу ёққа олинг-чи, сиз Қодириймидингиз-ки, ҳикоянгиз қаҳрамонини ўлдириб қўйиб, йиғлаб ўтирсангиз? Дафтарни аёлим бериб, ўзим масжидга чиқиб кетдим. Масжиддан келсам, аёлим йиғлаб ўтирибди: – Гулчеҳрани ўлдирмасангиз бўлмасмиди, ноинсоф?! Ўзини Дарғомга ташлади-да, мен ўлдирмоқчи эмас эдим... *** Шу ҳикоямни Фахриддин Шамсематов ўқибди, бир эшитинг!