Ёввойи табиат, қор қоплони, қўнғир айиқ ва осмон – Ҳисор қўриқхонаси ҳақида
Инсон табиатдан анча узоқлашиб кетди. Бугун биз ёввойи табиат нима эканлигини деярли билмаймиз. Айиқ қувса нима қилиш керак? Дунёда 5-6 мингтагина қолган қор қоплони одамга кўринадими? Силовсин нима овлаб кун кўради? Қизил суғурнинг ноёблиги нимада? Умуман, бу ҳайвонлар қандай жойларда кун кечирадилар? Биз бу саволларнинг жавобини билмаймиз. Ҳисор давлат қўриқхонасига борганимизда саволларимизга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Олдинга ўтиб айтамиз, сафаримиз бироз оғир, бироз хатарли, аммо жуда қизиқарли бўлди. Афсонавий Ғилон Қўриқхона ҳақида гапирилганда, аввало афсонавий Ғилон қишлоғига ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Бу ерга туризм қишлоғи номи берилган, ўзи ҳам шунга яраша эртакмонанд жой. Атрофи баланд тоғлар билан қуршаб олинган Ғилонга бориш осон эмас. Аммо жуда завқли. Илгари йўллар асосан тошлоқдан иборат бўлгани учун Шаҳрисабздан 85 километрлик масофа 3-4 соатда босиб ўтиларди. Туризм ривожлангани сари юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам йўл яхшиланиб боряпти, Ғилоннинг йўли ҳам анча текисланиб қолган. Тоғлар бағрига киргандан сўнг эса ҳақиқий машаққат бошланади. Йўлтанламас машиналардан бошқаси юра олмайдиган йўл текис эмас, уловимиз бир томонга қийшайиб боради. Исталган вақтда машина пастга тойиб кетадигандек тасаввур пайдо бўлади. Ҳайдовчимиз ёш бўлсада анча тажрибали, машинани дадил бошқариб кетади. Бизга ҳамрохлик қилаётган қўриқхона ходимлари эса бу йўлларда юравериб кўникиб кетган. Ҳеч нарсага парво қилмай кетадилар. Биз эса бироз қўрқамиз. Қўриқхона Ҳисор қўриқхонаси – Ўзбекистондаги энг йирик қўриқхоналардан бири бўлиб, унинг майдони 81 минг гектарни ташкил этади. Тоғлар жуда мафтункор. Шу билан бирга бироз қўрқинчли ҳам. Бу тоғларнинг тарифини ўз вақтида шоир Ойбек келтириб қўйган - ваҳший тоғлар. Аммо одамлар тоғдан кўра ваҳшийроқ бўлиб чиқди, агар шу чўққилар бўлмаганда қизил китобга киритилган ҳайвонлар қирилиб кетган бўларди. Хозир Ҳисор давлат қўриқхонаси ўз бағрида минглаб ноёб жонзотларни асраб келмоқда. Қўриқхонанинг мард, фидойи ва меҳнаткаш ходимлари ўтказган охирги саноқ натижаларига кўра, бу ерда 177 та Тян Шан қўнғир айиғи 52 та Қор қоплони 3850 та Сибир тоғ эчкиси, яъни халқимиз тили билан айтганда кийик 4320 та ноёб қизил суғур 837 та тулки 981 та тўнғиз 76 та бўри 191 та силовсин 449 та жайра 28407 та каклик 1114 та ҳилол каклиги 4015 та қуён яшаб, кун кўриб келмоқда. Шунингдек Ҳисор тоғ қўриқхонаси осмонида 138 та Қора ғажир 161 та оқбош қумой 150 та Болтаютар Ва халқимиз томонидан жуда ардоқланадиган 162 та Туркистон бургути каби йиртқич ва ноёб қушларни кўриш мумкин. Қор қоплони Бу жонзотларнинг ҳар бири бизнинг фахримиз. Масалан, қор қоплонини олайлик. Мушуксимонлар оиласига кирувчи бу жонзот бутун дунё бўйлаб ардоқланади. Қор қоплони - энг юқори чўққиларда яшайди, унинг изини денгиз сатҳидан 6 минг метр юқорида бўлган жойларда учратиш мумкин. Қор қоплони шу қадар юқорида яшайдики, у бургут, оқбош қумой ёки бошқа йиртқич қушнинг уясини тортиб олиб, ўзига ин қилиши ҳам мумкин. Яшаш муҳити имкон берган ҳолатда эса 1.5-3 минг баландликкача тушиб келади. Ўтиб бўлмас баланд тоғлар, чўққилар, тошлар - қор қоплонининг дунёси ҳисобланади. Қор қоплони ҳисобини юритувчи қўриқхона ходимлари ҳам шундай жойлардан юришга мажбур бўладилар – у қолдирган ҳар бир нарса - қордаги панжа изи, буталардаги тирноқ изи, ҳатто қор қоплони қолдирган аҳлат ҳам махсус китобга қайд этиб борилади. 2023 йилда Ҳисор давлат қўриқхонаси илмий ходимлари тоғ тошлар бўйлаб қор қоплони изидан юзлаб километр юрдилар ва ўнлаб фотоқопқонга тушган ноёб кадрларни ўргандилар. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига бугун биз ҳам ўша кадрларни кўришимиз мумкин. Xabar.uz 2023 Telegram: https://t.me/xabaruzofficial
Twitter: / xabaruzofficial Facebook: / xabar.uz Instagram: / xabar.uz