“Саховат” оилавий болалар уйи тарбияланувчиси — 11 ойлик Муҳаммаджон соғлом ҳаётга қайтди
Туғма юрак нуқсони бўлган Муҳаммаджоннинг ҳаётида қувончли ва муҳим бурилиш содир бўлди — у соғлом ҳаётга қайтди. Бу эзгу ишга Мираброр Усмонов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди томонидан кўрсатилган моддий ва маънавий ёрдам сабаб бўлди. Муҳаммаджон “Sino Professional Medical” клиникасида муваффақиятли операцияни бошдан кечирди. Бугун у ҳам бошқа болалар қаторида бахт ва умид билан ҳаёт сари одимламоқда. — Мираброр Усмонов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди раҳбариятига ва барча масъулларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Бу хайрли иш фарзандимиз Муҳаммаджон учун нафақат соғлик, балки келажакка бўлган ишончни ҳам қайтарди. Аллоҳ таоло хизматларингизни савобдан холи қилмасин, оилаларингизга тинчлик ва барака ато этсин, — дейди “Саховат” оилавий болалар уйи раҳбари Зайнаб Менглиева.