«ШОК! Мирзиёев Наманганда мега-лойиҳалар очди — аэропортдан тортиб ГЭСгача!» 😱🚧🏞️
Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Уйчи туманида Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Ҳудудда амалга оширилган салмоқли ишлар иқтисодиёт ривожи ва аҳоли фаровонлигида намоён бўлмоқда. Сўнгги саккиз йилда вилоятга 7 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилган, 8 мингга яқин янги корхона ишга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури 2 карра кўпайиб, 1 мингдан ошган. Меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали рўзғор тебратяпти. Аҳолининг реал ўртача даромади 3 баробар ошиб, 15,5 миллион сўмга етди. Муҳими, бундай ўзгаришларни Наманган аҳли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қиляпти. Йиғилишда бу суръатни давом эттириб, натижадорликни янада ошириш имкониятлари таҳлил қилинди. Хусусан, йил якунигача 4 миллиард 200 миллион доллар инвестиция олиб келиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг одамни ишли қилиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қайд этилди. Давлатимиз раҳбари маҳаллаларни обод қилиш бўйича муҳим ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, юртимизда “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури амалга оширилади. Ушбу дастурга Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги 4 тадан, қолган ҳудудлардаги 2 тадан туман, шунингдек, республика бўйича энг “оғир” 328 та маҳалла киритилади. Энг яхши намуна кўрсатиб, аҳолисини рози қилган ҳудудга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми берилиб, уларга яна қўшимча имкониятлар тақдим қилинади. Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайган. Тадбиркорлик лойиҳалари кўпайгани, ўртача ойлик 4,5 миллион сўмга етгани ҳисобига икки йилда миграциядаги 62 минг одам қайтган. Ислоҳотлар штабига вилоятдаги хушманзара жойлар бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, амалга ошириладиган лойиҳалар ҳисобига кейинги йилда 50 минг одамни ишли ва даромадли қилиш топширилди. Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон ва Чустдан ўтган дарё ва сой ўзанларининг 40 километр қисмида ҳам 650 та сервис объектини қуриб, 10 минг одамни даромадли қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Бугунги кунда вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми тўқимачилик соҳасига тўғри келади. Наманганлик тадбиркорлар бренд билан ишлаш бўйича республикада етакчи. Инвестиция олиб келиш ва брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш учун бир ойда вилоятда алоҳида лойиҳа офиси очилади. Халқаро сертификат олган текстиль корхоналари 50 тага етказилади. Мутасаддиларга йил якунигача Варшава ва Лондонда камида 1 минг квадрат метрли савдо уйларини ташкил қилиш топширилди. Умуман, вилоятда бу йил тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 500 миллион долларга етказиш, икки йилда 1 миллиард долларлик 25 та йирик лойиҳани ишга тушириш мумкинлиги қайд этилди. Йил бошидан буён вилоятга 1 миллион 200 минг хорижий, 2 миллион маҳаллий сайёҳ келган, туризм экспорти 200 миллион доллардан ошган. Шунга мос равишда туризм инфратузилмасини ҳам ривожлантириш керак. Лекин Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири – Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш, маданий ҳордиқ чиқариш каби оддий хизматлар ҳам йўлга қўйилмаган. Шу боис, Чортоқ бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантирилиши айтилди. Бундай лойиҳалар инфратузилмаси учун 50 миллион доллар ажратилади. Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида бу йил “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади. Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед йўлаклари қурилади. Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларини 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади. Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади. “Чортоқ” сув омбори атрофидаги 60 гектарда туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади. Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм мажмуаси барпо этилади. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади. Президентимиз ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўл тирбанд бўлиб келаётган эди. Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда. Шунингдек, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқариб, тирбандлик камаяди. Ушбу кўприклар келгуси йилда ишга туширилади.