Тилла заводи бор ўзбек миллионерша билан суҳбат
“Мен 6 яшар қизча эдим. 29 ёшида бева қолган онамнинг қўлида 4 та бола эдик. Тирикчилигимизни ўтказиш учун онам манти пишириб, бозорда сотар эди. Тунда, соат иккида онам бизни уйғотар ва биз манти тугар эдик. Уйқумиз келиб, эснасак, онам ўқлоғини ўқталиб, “оғзингга тиқиб оламан”, деб қўрқитарди, деб эслади болалигини сўнгги 4 йилдан бери Канадада яшаётган ўзбекистонлик миллионер аёл Шоира Ҳасанова. Канадага кўчгунича Ҳасанова хоним Бирлашган Араб Амирликларида қарийб 20 йил яшади. Ўз бизнесига асос солди. Айтишича, шу кунда Ҳонконгдаги заргарлик ширкатларидан бирининг ҳамсоҳиби.