Шавкат Мирзиёев Самарқандда: зиёрат, музокаралар ва ЮНЕСКОнинг 43-сессияси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларини маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган меҳмондўст Ўзбекистон заминида самимий қутлади. Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига, барча делегацияларга конференцияда иштирок этаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди. Президентимиз сўзининг аввалида бу галги сессия сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини таъкидлади. – Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси деб қабул қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари. Ўзбекистон етакчиси ташкилот ўзининг 80 йиллик фаолияти давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нуфузли халқаро институтга айланганини қайд этди. Шу маънода, халқларнинг миллий ўзига хослиги, уларнинг маданий меросини сақлаб қолиш, турли динлар ўртасида яқин мулоқотни мустаҳкамлашда ЮНЕСКОнинг роли ортиб бораётгани таъкидланди. – Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, – деди мамлакатимиз етакчиси. Давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт ва маданият бешиги бўлган Самарқанднинг буюк меросини ёдга олди. Хусусан, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини эслатиб ўтди. Президентимиз меҳмонларни Буюк ипак йўли дурдонаси, тинчлик ва халқлар дўстлиги диёри бўлган Самарқанд руҳидан баҳраманд бўлишга чорлади. Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий низолар ноёб ёдгорликлар ва маданий меросга зиён етказаётгани, билим ва рақамли технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал тенгсизликни кучайтираётгани қайд этилди. Ўзбекистон раҳбари бундай мураккаб шароитда ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини бажариш учун бирдамликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистон ташкилотнинг эзгу мақсадларига содиқлигини, конструктив ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади. Бугунги кунда мамлакатимиз ЮНЕСКО билан 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида буюк мутафаккир ва арбоблар – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод юбилейларига бағишланган тадбирлар ўтказилди, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси каби илмий муассасалар ва адабий ёдгорликлар, жумладан, “Алпомиш” достонининг тарихий саналари кенг нишонланди. Бутунжаҳон мероси шаҳарлари – Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқандга Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйидаги ёдгорликлар қўшилди. Ғарбий Тянь-шань ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари минтақанинг ўзига хос биохилма-хиллигини акс эттиради. Президентимиз Ўзбекистоннинг йигирмага яқин номоддий мероси – “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския санъати, миниатюра, Наврўз байрами, атлас ва адрас тўқиш анъаналари ЮНЕСКО эътирофига сазовор бўлганини эслатди. Ташкилот шафелигида "Шарқ тароналари", мақом санъати, бахшичилик, ҳунармандчилик ва этноспорт фестиваллари ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” каби ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг кафедралари ва ҳамкор мактаблари фаолият юритмоқда, Тошкент ва Фарғона шаҳарлари Таълим шаҳарлари глобал тармоғига киритилган. Шунингдек, юзлаб маданий мерос объектлари замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида реставрация қилинди. Президентимиз Самарқанд конференцияси доирасида қўшимча тадбирлар – Бухорода замонавий санъат биенналеси, Тошкентда Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази очилиши, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини топшириш маросими, музейлар соҳасида сунъий интеллектни қўллаш масалалари бўйича конференция ўтказилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга қўшилади.
 
  
             
  
             
  
             
  
             
  
             
  
            