❗️Олтинсойлик депутат ‘самосуд’ қилдими ?
❗️Олтинсойлик депутат ‘самосуд’ қилдими ? Сурхондарёда жамоатчиликни ташвишга солаётган воқеа бўйича қонуний чора кўриладими ? 2025 йил 2 июль куни Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманида жамоатчилик орасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеа юз берди. Бу ҳақда ўзини жабрланувчи сифатида таништирган, Олтинсой тумани, "Сайрак" маҳалласида истиқомат қилувчи Қўзибоев Абдувоҳид томонидан маълум қилинди. Унинг баёнотига кўра, у ва бир неча фуқаро “Опен бюджет” орқали "Сайрак" маҳалласидаги ички йўлларни асфальтлаш лойиҳаси танловида ғолиб чиққани, аммо, бу асфальт бошқа кўчага ётқизилгани ҳақида шикоят билан туман ҳокими қабулига боришган. У ерда воқеа ҳокимга етказилган ва шу пайтда ҳоким "Сайрак" маҳалласи раиси ва маҳаллий депутат Эгамбердиев Аброрни чақириб, масала бўйича огоҳлантирув (дакки) берган. Фуқаро Қўзибоев Абдувоҳиднинг айтишича, мазкур огоҳлантирувдан сўнг депутат Эгамбердиев Аброр унга нисбатан тажовузкор муносабат билдирган. Унинг баёнига кўра, депутат уни ўз шахсий “Жентра” автомашинасига алдов йўли билан гаплашиб олишини айтиб, ўтиришга кўндирган ва Денов шаҳридаги З.М.Бобур маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қизил сув” номи билан маълум ҳудудга олиб борган. Айни жойда, жабрланувчининг сўзларига кўра, депутат аввалдан кимгадир қўнғироқ қилиб, йигитларни чақириб қўйган. Қизил сувга етиб келишганидан сўнг, Қўзибоев Абдувоҳиднинг бурни синдирилиб, турли тан жароҳатлари етказилгани баён этилмоқда. Жабрланувчи, шунингдек, депутатнинг укалари воқеадан хабардор бўлиб, воқеа жойига етиб келганини ва у ерда депутат Эгамбердиев Аброр ҳамда унга ҳамроҳ бўлган, соқолли эркакдан уни ажратиб олиб кетганини маълум қилган. Шундан сўнг Қўзибоев Абдувоҳид мазкур ҳолат юзасидан 102 рақами орқали Ички ишлар органларига мурожаат қилган. Аммо жабрланувчининг таъкидлашича, 2025 йил август ойининг бошигача, депутатнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳеч қандай қонуний чора кўрилмаётир. Мазкур ҳолат юзасидан ҳали ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган. Агар вилоят ёки туман ҳокимлиги, ИИБ ёки прокуратура органлари бу иш юзасидан текширув бошлаган бўлса, жамоатчилик бу ҳақда хабардор қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Фуқарони ўз хоҳишига қарши ҳолда олиб кетиш, тан жароҳати етказиш ва психологик босим қилиш – мутлақо қонунга зид ҳисобланади. Бўлиб ҳам бундай воқеа халқ вакили ҳисобланган депутат томонидан содир этилиши аянчли ҳолат. Мақола фақат жабрланувчининг баёноти асосида тайёрланди. Расмий органлар муносабати аниқланса, уларга ҳам алоҳида ўрин берилади.